Тошкентда машина устида рақсга тушган вояга етмаганларга чора кўрилди
Ижтимоий тармоқларда йўлнинг қатнов қисмида транспорт воситасининг устки қисмига бир нечта вояга етмаган шахслар чиқиб олиб, рақсга тушганлиги тасвирланган видео тарқалди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси вазият юзасидан изоҳ беришича, ҳодиса 26 апрель куни тахминан соат 02:00 ларда Юнусобод тумани Амир Темур – Алишер Навоий, Алишер Навоий – Шаҳрисабз кўчалари кесишмасида содир бўлган.
Хусусан, Nexia-2 русумли транспорт воситасининг устки қисмига бир нечта вояга етмаган шахслар чиқиб олиб, рақсга тушган. Ушбу болалар билан ҳайдовчи мулоқотга киришган ҳамда уларнинг йўл ўртасида рақсга тушиши учун автотранспорт воситасидаги мусиқа овозини баландлатиб, йўл безорилигини содир этган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128 прим 10-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси жарима майдонига жойлаштирилган.
Вояга етмаганлар Сурхондарё вилоятида истиқомат қилишлиги, ота-онасининг қаровисиз Тошкент шаҳрида юрганлиги сабабли, Сурхондарё вилояти ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига юборилган.
Уларнинг ота-оналарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.





