Ўзбекистонда аҳоли эҳтиёжи учун ажратилган 200 дан ортиқ газ баллонини сотмоқчи бўлганлар аниқланди

Бир кунда ноқонуний сақланаётган 1 160 килограмм суюлтирилган газ аниқланди

Ўзбекистонда биргина 9 ноябрь куни ўтказилган тадбирларда 7 та ҳолатда 249 та газ баллони тижорий нархда сотиш мақсадида ноқонуний сақланаётгани аниқланди, деб хабар беради ДХХ матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, аниқланган ҳолатлар орасида газ таъминоти тизимининг айрим ходимлари билан боғлиқ қонунбузилишлар ҳам бор, жумладан:

• Қорақалпоғистон Республикасида «Амударё тумангаз» бўлими суюлтирилган газ хизмати чилангари 104 та газ баллонини тегишли ҳужжатларсиз, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда сақлаб келгани аниқланган;

• Сурхондарё вилоятида «Шерободтумангаз» таъминоти бўлими ҳайдовчиси ўз яшаш хонадонида 25 та газ баллонини сақлагани қайд этилган;

• Тошкент вилоятида «Қуйичирчиқ тумангаз» бўлими газ тўлдириш шохобчасининг газ баллон тўлдирувчиси томонидан 3 та газ баллони сақлангани аниқланган.

Қонунбузилишлар фақат тизим ходимлари фаолиятида кузатилмаган:

• Наманган шаҳрида яшовчи, 1986-йилда туғилган шахс кейинчалик аҳолига сотиш мақсадида ўз уйида 20 та газ баллонини сақлаган;

• Қашқадарё вилояти Касби туманида яшовчи, 1974 ва 1996-йилларда туғилган икки нафар фуқаронинг хонадонларида жами 92 та газ баллони ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда сақлангани қайд этилган;

• Хоразм вилояти Хонқа туманида яшовчи, 1995-йилда туғилган шахс маҳалла ҳудудидаги умумий овқатланиш шохобчасида газ идораларига тегишли, аҳоли учун ажратилган 5 та газ баллонидан ноқонуний фойдалангани ҳужжатлаштирилган.

Бу рақамлар ортида оилаларнинг кундалик эҳтиёжи турибди. Аҳолига ажратилган газни ноқонуний сақлаш, қиммат нархда сотишга уриниш ёки бошқа мақсадларга йўналтириш унинг белгиланган истеъмолчиларга етиб боришига тўсқинлик қилади. Газ баллонларини хавфсизлик талабларига зид равишда тўплаш эса ёнғин ва портлаш хавфини ошириб, оила аъзолари, қўшнилар ва атрофдаги фуқаролар ҳаётига таҳдид туғдиради, — дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 20 октябридан буён республика бўйича 370 та ҳолатда жами 9 455 та газ баллони ноқонуний сақланаётгани аниқланган. Улардаги суюлтирилган газ миқдори 102 158 килограммни ташкил этган.

Ўзбекистон