Ўзбекистонда 9 ойда 18 мингдан зиёд шахс озодликдан маҳрум этилди
Судлар томонидан 78 739 нафар шахсга оид 64 902 та жиноят иши кўриб чиқилди

2026 йилнинг тўққиз ойи давомида Ўзбекистон судлари 78 739 нафар шахсга нисбатан 64 902 та жиноят ишини кўриб чиқди, дея хабар бермоқда Олий суд матбуот хизмати.
Таъкидланишича, 385 нафар шахс (161 нафар қатағон қурбони) оқланиб, реабилитасия қилинган. Жиноят ишларининг салмоқли қисми Тошкент шаҳри, Фарғона, Тошкент, Самарқанд ва Андижон вилоятларида кўрилган.
Судланган шахслар сони 57 376 нафарни ташкил этиб, шундан 18 026 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 38 737 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 613 нафар шахс шартли ҳукм қилинди. Судланган шахсларнинг 50 435 нафари эркак, 6 941 нафари аёл, 21 670 нафари ёшлар (шу жумладан 2 097 нафари вояга етмаган) ва 2 052 нафари 60 ёшдан ошган шахслар.
Жумладан, 6 377 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди ва 13 938 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.
47 нафар шахсга (ёшлар, аёллар ва бошқалар) кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. 26 794 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниб, 8 761 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди.
Ҳисобот даврида кўрилган жиноят ишларнинг аксариятини:
• фирибгарлик;
• ўғрилик;
• транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш;
• гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар;
• қасддан баданга енгил шикаст етказиш;
• ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш;
• безорилик;
• қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш;
• ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш;
• гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ жиноятлар ташкил этади.
Шунингдек, жиноятлар сабабларини ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида 34 325 та хусусий ажрим чиқарилиб, тегишлилиги бўйича юборилган. Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 18 844 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Апелляция тартибида 8 659 нафар шахсга нисбатан 6 509 та жиноят иши кўриб чиқилди. 314 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 1 830 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Кассация тартибида 5 060 нафар шахсга нисбатан 4 504 та жиноят иши кўриб чиқилди. 354 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 1 188 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Тафтиш тартибида 4 576 нафар шахсга нисбатан 3 931 та жиноят иши кўриб чиқилди. 114 нафар шахсга нисбатан томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 492 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 646 нафар шахсга нисбатан 567 та жиноят иши кўриб чиқилди. 95 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 188 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.





