Фарғона ва Андижонда ноқонуний «Умра» зиёратини ташкил этмоқчи бўлганлар ушланди
Ҳозирда иккала ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда

Икки вилоятда фуқароларнинг ишончидан фойдаланиб, ноқонуний «Умра» зиёратини ташкил этмоқчи бўлганлар аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Жумладан, Фарғона шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмасининг норасмий ишчиси тегишли рухсатномага эга бўлмай туриб, 2 нафар фуқарони Саудия Арабистонига «Умра» зиёратига юбориш эвазига 2500 АҚШ доллари талаб қилган.
Натижада, ўтказилган тезкор тадбирда у 2450 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунга ўхшаш ҳолат Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида қайд этилган. Хусусан, ноқонуний фаолият юритаётган туристик фирма ходими 4 нафар фуқарони «Умра» амалларини бажаришлари учун муборак сафарга юбориш эвазига 4400 АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у отаси билан биргаликда 4300 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.





