Тошкентда эвакуация ва жарима майдончалари янги тартибда ишлайди
Сақлаб туриш учун тўлов автомобиль эвакуаторга юкланган дақиқадан бошлаб ҳар бир сутка учун ҳисобланади

2026 йил 24 декабрдан бошлаб Тошкентда эвакуация ва жарима майдончалари янги тартибда ишлай бошлайди.
Хусусан, амалдаги эвакуация тизими такомиллаштирилмоқда. Автомобилни эвакуаторга юклашдан тортиб, уни эгасига қайтариб беришгача бўлган бутун жараён ягона электрон тизимга ўтказилади.
Таъкидланишича, юклаш бошлангунига қадар қайтиб келишга улгуриб, қоидабузарликни бартараф этсангиз автомобилингиз олиб кетилмайди. Юклаш бошланган бўлса эвакуацияни энди тўхтатиб бўлмайди.
Сақлаб туриш учун тўлов автомобиль эвакуаторга юкланган дақиқадан бошлаб ҳар бир сутка учун ҳисобланади. Автомобиль фақат электрон тизим орқали берилган QR-кодли рухсатнома асосида қайтариб берилади. Автомобиль 6 ой ичида олиб кетилмаса, қарздорлик мажбурий тартибда ундирилади, 12 ойдан сўнг эса суд уни эгасиз деб топиши мумкин.
Тошкент шаҳри учун белгиланган энг юқори тарифлар:
• эвакуация — ҳар бир километр учун 88 000 сўмгача, бироқ жами 1 760 000 сўмдан ошмайди;
• жарима майдончасида сақлаб туриш — ҳар бир сутка учун 88 000 сўмгача;
• 3 км эвакуация ва 3 сутка сақлаб туришнинг ўзи 528 000 сўмга тушади. Бунга қоидабузарлик учун солинадиган жарима ҳам қўшилади.





