Самарқандда фаоллар «Фарҳод» панносини сақлаб қолишга чақирди
Самарқандда сув хўжалиги бошқармасининг собиқ биноси унинг фасадида жойлашган ва 50 йилдан ортиқ вақт аввал яратилган «Фарҳод» металли панноси билан бирга сотилди

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳри, Гагарин кўчаси, 70-уй манзилида жойлашган, фасадида машҳур «Фарҳод» металл панноси акс этган бинонинг сотилгани ва санъат асарининг келажакдаги тақдири юзасидан мурожаатлар тарқалди.
Фаоллар тегишли идораларни паннони экспертизадан ўтказишга, унга муҳофаза мақомини бериш имкониятини кўриб чиқишга ва уни ўзининг тарихий жойида сақлаб қолишни таъминлашга чақирди.
Маданий мерос агентлиги томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида мазкур бино Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилмагани аниқланди.
Шунга қарамай, паннонинг жамоатчилик учун аҳамияти ва Самарқанд монументал санъатининг муҳим намуналаридан бири эканини инобатга олиб, Агентлик бинонинг янги мулкдори билан музокаралар олиб боришни режалаштирмоқда.
Паннони сақлаб қолиш имкониятларини муҳокама қиламиз ва ушбу санъат асарининг йўқ қилинишига йўл қўймаслик учун мақбул ечим топишга ҳаракат қиламиз, — деди Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов.





