Тошкент вилоятида Акмал Шукуровнинг жазосини енгиллаштирган судьяларга нисбатан ҳукм чиқарилди

Тошкент шаҳар суди раисининг собиқ ўринбосари озодликдан маҳрум қилиш, уч нафар собиқ судья эса озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди

Жорий йилнинг январь ойида Бош прокуратура Акмал Шукуровга чиқарилган ҳукмни енгиллаштирган судьяларга нисбатан жиноят иши қўзғатгани ҳақида хабар берилган эди.

Бугун, Тошкент вилоят судида Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари лавозимида ишлаган М.М. ва Тошкент шаҳар суди судяси лавозимида ишлаган О.И., М.А ва M.T.гa оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланди.

Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ, М.М. Жиноят кодексининг  207-моддаси 1-қисми (мансабга совуққонлик билан қараш) ва 236-моддаси 2-қисмида (суд ишларини ҳал этилишига аралашиш) назарда тутилган жиноятларни;

О.И., М.А. ва М.Т. Жиноят кодексининг 231-моддаси 1-қисмида (адолатсиз қарор чиқариш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилдилар.

M.M.гa ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми билан ушбу Кодекснинг 64-моддасига асосан жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жазо тайинланмаган. ЖКнинг 236-моддаси 2-қисми билан ушбу Кодекснинг 45-моддаси қўлланилиб, 3 йил муддатга суд тизимида мансабдорлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил озодликдан маҳрум қилиш;

О.И., М.А. ва M.T.нинг ҳар бирига ЖКнинг 231-моддаси 1-қисми билан ушбу Кодекснинг 45-моддаси қўлланилиб, 3 йил муддатга суд тизимида мансабдорлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йилдан озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ўзбекистон