Сурхондарёда «Халқ банки» кассири 278 кишининг пенсия пулини онлайн ўйинга ишлатиб юборди

Сурхондарё вилояти Узун туманида фуқароларнинг пенсия ва нафақа пулларини «1Xbet» онлайн ўйинларига ишлатиб ўзлаштирган банк кассири ушланди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Узун туман бўлими томонидан «Халқ банки» филиалининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда филиалнинг 2-сон сайёр кассаси кассири А.А. 2022 йил февраль–март ойларида ўзига бириктирилган ҳудудда 278 нафар фуқарога нақд пул кўринишида чиқарилган жами 121,1 миллион сўм пенсия ва нафақа пулларини уларнинг номидан сохта имзолар қўйиш орқали ўзлаштиргани аниқланган. Ушбу пулларни интернет тармоғидаги онлайн казино ўйинларига ишлатиб, талон-торож қилган. Текширув давомида департамент аралашуви билан 117 миллион сўм қайтарилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (Ҳужжатларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Янгиликлар