Деҳлидан Чикагога учаётган самолёт фавқулодда Тошкентга қўнди

Деҳли-Чикаго йўналишида АИ-127 рейсини амалга ошираётган «Air India» авиакомпанияси самолёти Тошкент халқаро аэропортига қўнишга мажбур бўлди, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports Матбуот хизмати.

«Фавқулодда қўнишга йўловчилардан бирининг соғлиғи ёмонлашгани сабаб бўлган. Самолётда бўлган 86 ёшли аёл юрак хуружига учраган. Шундан сўнг экипаж энг яқин муқобил аэродромга боришга қарор қилди», — дейилади хабарда.

Соат 06:44 да «Air India» авиакомпаниясининг самолёти Тошкент аэропортига қўнди. Йўловчи ва унинг ҳамроҳи тез тиббий ёрдам машинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетилган.

Ҳозирда «Air India» авиакомпанияси самолёти Тошкент аэропортидан учишга тайёрланмоқда.

Янгиликлар