AI-стартаплар учун 1 млн долларлик президент танловига қабул давом этмоқда

Ўзбекистонда илк бор фақат сунъий интеллектга асосланган стартаплар учун ташкил этилган President AI Award 2026 танловига аризалар қабули давом этмоқда

Танлов иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳалардаги реал муаммоларни ҳал қила оладиган тайёр AI-лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Унинг умумий инвестиция жамғармаси 1 млн долларни ташкил этади.

Лойиҳалар давлат бошқаруви, саноат ва тадбиркорлик, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт, таълим ҳамда яшил иқтисодиёт ва агротехнологиялар каби бешта йўналиш бўйича қабул қилинади.

Ҳар бир йўналишда учтадан ғолиб аниқланади: биринчи ўринга 100 минг, иккинчи ўринга 60 минг ва учинчи ўринга 40 минг доллар инвестиция ажратилади. Натижада жами 15 та AI-стартап қўллаб-қувватланади.

Мукофот IT Park Ventures томонидан инвестиция шаклида тақдим этилади ва тасдиқланган KPI кўрсаткичлари бажарилиши асосида икки траншда ажратилади.

Танловга ғоя босқичидаги ташаббуслар эмас, тайёр MVP га эга лойиҳалар қабул қилинади. Иштирокчилар лойиҳани тушунтирувчи уч дақиқагача видео, ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги тақдимот, прототип ҳаволаси ҳамда жамоа ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши лозим.

Танловда 18 ёшга тўлган иштирокчилардан иборат 3–8 кишилик жамоалар қатнашиши мумкин. У Ўзбекистон фуқаролари ва мамлакат ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар учун очиқ.

Саралаш натижасида 25 та стартап акселерация дастурига қабул қилинади. Кейин улар орасидан 15 та финалчи танланиб, якуний Demo Day ва тақдирлаш маросими декабрда ўтказилиши режалаштирилган.

President AI Award учун аризалар 15 августгача қабул қилинади. Иштирок этиш бепул. Танлов шартлари билан танишиш ва рўйхатдан ўтиш awards.go.uz платформаси орқали амалга оширилади.

Танловга оид янгиликлар ва иштирокчилар учун муҳим маълумотларни @president_ai_award Telegram каналида кузатиб бориш мумкин.

Танловнинг медиа ҳамкори — The Tech, Entertainment ҳамкори — OQ mobil aloqa ilovasi.

Реклама ҳуқуқлари асосида.

Ўзбекистон