Андижонда $39 минг эвазига давлат захирасидаги ерни олиб беришни ваъда қилганлар ушланди

Ҳозирда гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Андижон вилоятида давлат захирасидаги ерни олиб бериш билан боғлиқ ноқонуний ҳолат фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.

Хусусан, Марҳамат туманида фаолият юритувчи банк хизматлари марказларидан бирининг бошлиғи ва «Норин-Қорадарё» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси машинисти ўзаро тил бириктириб, 1989 й.т. фуқаронинг ишончига киришади.

Улар Марҳамат тумани ҳокимлиги захирасида бўлган 24 сотих ер майдонининг гўёки турар-жой тоифасига оид ҳужжатлари борлигини айтиб, мансабдор танишлари орқали уни келгусида мазкур фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 39 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

Натижада, ўтказилган тезкор тадбирда машинист олдиндан 25 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон