Ўзбекистонда мурожаатлар билан ишлашда камчиликлар сабаб 150 дан ортиқ ходим лавозимидан озод этилди
Бундан ташқари, 150 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилди, яна 1 335 нафари эса расман огоҳлантирилди

Ўзбекистонда мурожаатлар билан ишлашдаги камчиликлар сабабли 150 дан ортиқ давлат хизматчиси лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати хабар беради.
Қайд этилишича, 2026-йилнинг январ-август ойларида президент Халқ қабулхоналари томонидан мурожаатлар билан ишлашда йўл қўйган камчиликлари юзасидан давлат органлари ва ташкилотларига таъсир чоралари кўриш бўйича жами 5486 та ҳужжат киритилган.
Кўрилган чоралар натижасида 151 нафар шахс лавозимидан озод этилган бўлса, 833 нафар ходимга ҳайфсан жазоси қўлланилди. Шунингдек, 150 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилди ва 1335 нафари расман огоҳлантирилди.
Мурожаатлардаги камчиликлардан келиб чиқиб, чора кўришдан ташқари, йўл қўйилган хато ва камчиликларни тузатиш бўйича энг кўп мурожаат тушаётган 10 га яқин ташкилотларда амалий ўқув семинарлари ҳам ташкил этилди.





