Тунги рейд вақтида ҳалок бўлган экология назорати инспектори ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Гумонланувчи сифатида уч нафар фуқаро ушланди, иш ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш ва эҳтиётсизлик орқасида ўлим етказиш моддалари бўйича қўзғатилган

Аввалроқ, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Давлат экологик назорат инспекцияси Сирдарё сув ҳавзасини назорат қилиш бўлими ходими Мирзо Ботиров хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлгани хақида хабар берилган эди.
Маълумотларга кўра, Мирзо Ботиров 9-сентябрь куни тунги соат 23:00 да Сирдарё дарёси ўзанида ўтказилган тезкор рейд тадбири давомида электр қармоқ ёрдамида балиқ овлаётган ҳуқуқбузарларнинг қаршилигига учраган ва натижада сувга тушиб кетган.
Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилган қидирув ишлари натижасида, 10-сентябрь куни инспекторнинг жасади топилган.
Шундан сўнг, бош прокуратура матбуот хизмати содир бўлган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.





