Шавкат Мирзиёев Арманистон бош вазири билан телефон орқали мулоқот қилди
Ўзбекистон – Арманистон муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев 11 сентябрь куни Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилди.
Мулоқот давомида, Ўзбекистон – Арманистон муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларида янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Шу маънода, саноат кооперацияси бўйича янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш долзарб экани алоҳида қайд этилди.
Давлат раҳбари Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ минтақаларини боғлайдиган логистика ва транспорт йўлакларини ривожлантириш орқали ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон президенти минтақавий барқарорлик ва изчил тараққиёт учун мустаҳкам асос бўладиган Тинчлик шартномасини тез фурсатда имзолаш борасидаги саъй-ҳаракатларни юксак баҳолади.
Икки ва кўп томонлама, шу жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасидаги тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.





