Ўзбекистонда аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун қабул қилинди

Ҳужжатда фуқароларнинг осойишталиги ва дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақт оралиқлари, шунингдек, шовқиннинг зарарли таъсири учун компенсация тўловларига оид нормалар назарда тутилган

«Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди, деб хабар беради Адлия вазирлиги.

Қонунга кўра, одамни сезиларли даражада безовта қилмайдиган, инсон организмининг функционал тизимларида ва шовқинга сезгир бўлган аъзоларида жиддий ўзгаришларга олиб келмайдиган ҳамда санитария қоидалари ва нормаларида белгиланадиган шовқин даражаси шовқиннинг йўл қўйиладиган даражаси ҳисобланади.

Шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан юқори, фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган шовқинлар жумласига қуйидагилар киради:

• турар жой бинолари ҳудудида инсонларнинг маиший, уй-хўжалик фаолияти натижасида юзага келадиган шовқин;

• қурилиш майдонларидаги меҳнат фаолияти туфайли ҳамда қурилиш техникаси ва транспорт воситаларидан юзага келадиган шовқин;

• турли тоифадаги транспортларнинг ишлаши ва ҳаракатланиши натижасида юзага келадиган шовқин ва бошқалар.

Қонунда белгиланган тартибда қуйидаги вақт оралиғида шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан ортиқ шовқин чиқариш орқали фуқароларнинг осойишталигини бузишга йўл қўйилмайди:

• иш кунлари соат 23.00 дан 07.00 гача;

• дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари соат 22.00 дан 09.00 гача.

Шовқиннинг зарарли таъсири натижасида етказилган зарар учун суд тартибида компенсация ундирилиши мумкин.

Ўзбекистон