Ўзбекистон снайперлари Жанубий Кореядаги мусобақада биринчи ўринни эгаллади
Дастур кундузги ва кечки вақтда бажариладиган махсус тактик машқлардан иборат 20 та босқични ўз ичига олган эди

Ўзбекистон снайперлари Жанубий Кореяда ўтказилган халқаро мусобақада яна бир бор ғалабани қўлга киритдилар. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
3–10 сентябрь кунлари Жанубий Корея армиясининг Махсус операциялар кучлари қўмондонлиги томонидан Кёнгидо провинциясида ташкил этилган «III Халқаро снайперлар мусобақаси» бўлиб ўтди.
Жумладан, мазкур мусобақада 8 та давлатдан жами 28 та мерганлар жамоаси қатнашган.
Иштирокчи давлатлар:
• Ўзбекистон Республикаси — 3 та жамоа;
• БАА — 2 та жамоа;
• Ветнам Социалистик Республикаси – 3 та жамоа;
• Мўғулистон Республикаси — 2 та жамоа;
• Туркия Республикаси — 1 та жамоа;
• Камбоджа Қироллиги — 1 та жамоа;
• Қозоғистон Республикаси — 1 та жамоа;
• Жанубий Корея Республикаси — 15 та жамоа.

Мусобақанинг 20 та шартлари тунги ва кундузи вақтда бажариладиган махсус тактик машқлардан иборат бўлиб, унда жамоалардан пистолет, автомат ва мерганлик қуролларидан мохирона фойдаланган ҳолда шаҳар, тоғ ва ўрмон шароитида турли масофадаги нишонларга аниқ ўқ отиш талаб этилди.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, жорий йилда бажарилган махсус ўқ отиш машқларининг бирортаси ўтган йилда бажарилган машқларни такрорламаган ҳолда машқ шартлари ва қоидалари, ҳар бир машқ бошланмагунга қадар ошкор қилинмаган.
Шунингдек, мазкур мусобақа давомида нишонларнинг 40%ни ҳаракатланувчи ва ҳавода учувчи дрон нишонлари ташкил этган.
Ўзбекистон жамоаси мусобақанинг якуний натижасига кўра хорижий давлатларнинг 13 та мерганлар жамоаси орасида фахрли биринчи ўринни қўлга киритди:
• Биринчи ўрин: Ўзбекистон — 678.4 балл;
• Иккинчи ўрин: Ветнам — 666.6 балл;
• Учинчи ўрин: Туркия — 471.1 балл.
Эслатиб ўтамиз, Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат жамоа 2024-йилда ўтказилган ушбу нуфузли мусобақада фахрли иккинчи ўринни, 2025-йилда эса фахрли биринчи ўринни қўлга киритган эди.





