Саида Мирзиёевага янги вазифалар юклатилди
Тегишли тайинлов Ўзбекистон президентининг фармони билан амалга оширилди

Ўзбекистон президенти Администрацияси Раҳбари Саида Шавкатовна Мирзиёева ҳозирги лавозими билан ўриндошлик асосида Тошкент халқаро молия маркази бошқарувчиси лавозимига тайинланди.
Бошқарувчи Молия маркази кенгашининг Бош котиби ҳисобланади, кун тартибини шакллантиришни ташкил этади, раис қатнашмаган мажлисларда уларга раислик қилади.
Молия маркази фаолиятини йўлга қўйишни мувофиқлаштириш бошқарувчи фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлади. Биринчи навбатдаги ҳужжатларни тайёрлаш, давлат органлари ва Марказ тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш шулар жумласидан.
Шунингдек, Молия маркази номидан Ўзбекистонда ва хорижда халқаро ташкилотлар, инвесторлар ҳамда ҳамкорлар билан муносабатларда Марказга вакиллик қилиш, кадрлар бўйича қарорлар қабул қилишда иштирок этиш, жумладан, Молия маркази маъмуриятининг ижрочи директорини ва унинг ўринбосарларини тайинлаш, Молиявий хизматлар бошқармаси раҳбарияти бўйича тавсиялар киритиш ҳам бошқарувчининг муҳим функциялари сирасига киради.
Бошқарувчи, шунингдек, битимлар тузиш, ишчи гуруҳлар ташкил этиш ва экспертларни жалб қилиш ҳуқуқига эга.





