Сербия Ўзбекистонда элчихона очишни режалаштирмоқда

Бу виза олиш жараёнини сезиларли даражада енгиллаштириши кутилмоқда

Ўзбекистонда Сербия элчихонасини очиш режалаштирилмоқда, хабар беради Миграция агентлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, миграция агентлиги директори Мухсинхўжа Абдураҳмонов Сербия республикасининг Меҳнат, бандлик, фахрийлар ва ижтимоий сиёсат вазири Милица Стаменковски билан учрашди.

Музокараларнинг асосий натижаларидан бири — Ўзбекистон ва Сербия ўртасида миграция ва мобиллик соҳасида Ҳукуматлараро битимни имзолаш масаласи бўйича келишувга эришилгани бўлди.

Учрашувда Сербия томони мамлакатда ўтказиладиган EXPO 2027 халқаро кўргазмаси объектлари қурилишига ўзбекистонлик малакали мутахассисларни жалб қилишдан манфаатдор эканини билдирди. Бу йўналишда кадрларни олдиндан тайёрлаш ва муносиб меҳнат шароитларига эга иш ўринларига йўналтириш масалалари муҳокама қилинди, — дейилади хабарда.

Шунингдек, Сербиянинг Ўзбекистонда элчихона очиши режалаштирилаётгани маълум қилинди. Бу ҳамюртларимиз учун ҳозирда Астана шаҳри орқали амалга оширилаётган виза расмийлаштириш жараёнларини анча соддалаштириши кутилмоқда.

Музокаралар Сербия Миллий бандлик хизмати директори Милан Боснич билан давом эттирилди. Томонлар Ҳукуматлараро битим ратификация қилингач, икки идора ўртасида меҳнат миграцияси ва ишчи кучи мобиллиги соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Баённомани имзолашга келишиб олди.

Ўзбекистон