Зироат Мирзиёева халқаро саммит меҳмонлари билан биргаликда болаларга бағишланган кўргазмага ташриф буюрди

Кўргазмада ташриф буюрувчиларга боланинг дунёга келишидан анча олдин — бўлажак онага ғамхўрлик қилишдан бошланиб, хавфсиз туғилиш ва ҳаётидаги кейинги қадамлар акс эттирилди

«Zamin» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Самарқанддаги халқаро саммит меҳмонлари билан биргаликда болалар фаровонлиги ва ривожланишига бағишланган кўргазмага ташриф буюрди.

Кўргазмада ташриф буюрувчиларга боланинг дунёга келишидан анча олдин — бўлажак онага ғамхўрлик қилишдан бошланиб, хавфсиз туғилиш, илк қадамлар, боғча, мактаб, мослашувнинг мураккаб даври, ниҳоят, касб танлаш ва илк меҳнат кунларигача давом этадиган улкан ҳаёт йўлини акс эттирилди.

Меҳмонлар хавфсизлик ҳисси, яқинлар меҳри, таълим олиш, мулоқот қилиш ва ўз келажагини танлаш имконияти каби асосий эҳтиёжлар ортида давлат ва жамиятнинг узлуксиз масъулияти мужассам эканини кўрдилар. Бу шундай йўлки, унда ҳар бир қонун, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва таълим соҳаларидаги ҳар бир ислоҳот боланинг эртанги куни имкониятларга тўла бўлгандагина ҳақиқий маъно касб этади.

Шундан сўнг меҳмонлар катта «қоғоз» қайиқча ёнига келиб, ўзларининг энг эзгу орзу-тилакларини ёздилар ва унга илиб қўйдилар. Гўё шу тариқа умумий умидлар мужассам бўлган қайиқчани катта сафарга кузатгандек бўлдилар.

Ўзбекистон