Шавкат Мирзиёев Eldridge Industries компанияси раиси Тодд Боэли билан учрашди
Учрашувда АҚШнинг мазкур етакчи корпорацияси билан йирик кооперация лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 октябрь куни Eldridge Industries компанияси ҳаммуассиси, раиси ва бош ижрочи директори Тодд Боэлини қабул қилди.
Учрашувда АҚШнинг мазкур етакчи корпорацияси билан йирик кооперация лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Мамлакат етакчиси ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Хусусан, тоғ-кон саноати, металлургия, қурилиш соҳаларидаги шерикликни кенгайтириш ҳамда шаҳар инфратузилмасига рақамли ечимларни жорий этиш назарда тутилмоқда.
Музокаралар якунида кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.
Eldridge Industries активларни бошқариш, суғурта, кўчмас мулк, инфратузилма, технологиялар, спорт ва медиа соҳаларида фаолият юритувчи АҚШнинг инвестициявий холдингидир. Бошқарувида қиймати 75 миллиард доллардан зиёд активлар мавжуд.





