Тошкентдаги Боткин қабристонида қабр тошларига шикаст етказилди

Дастлабки ўрганишларга кўра, шампан винолари собиқ заводи ҳудудида олиб борилган қурилиш ишлари чоғида объектни қабристондан ажратиб турган девор қулаб тушган

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Боткин қабристонида қабр тошларига шикаст етказилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.

Боткин қабристонидаги шикастланган қабр тошлари тикланади. Қоидабузарликларга йўл қўйган масъуллар аниқланди, қурилиш ишлари тўхтатилди. Дастлабки ўрганишлар шуни кўрсатдики, собиқ шампан винолари заводи ҳудудида олиб борилган қурилиш ишлари вақтида объектни Боткин қабристонидан ажратиб турган девор қулаган. Оқибатда 15-секторнинг сўнгги қаторидаги бир нечта қабр тошларига шикаст етган. Қабрларнинг ўзи очилмаган, — дейилади хабарда.

Ҳозирда, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва шаҳар ободонлаштириш бошқармаси вазиятни назоратга олгани билдирилди. Хусусан, қоидабузарликлар билан олиб борилган қурилиш ишлари тўхтатилди, масъул шахслар аниқланди. Ҳодиса тафсилотлари ва масъул шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши атилмоқда.

Буюртмачи ва пудрат ташкилотига девор қулаши оқибатларини бартараф этиш ҳамда шикастланган қабр тошларини тиклаш мажбурияти юклатилди. Улар узр сўраб, ишларни ҳафта охиригача якунлашларини билдирдилар, — дейилади хабарда.

Ўзбекистон