Тошкентдаги бозор ва савдо комплекслари ҳамда уларнинг мол-мулки хатловдан ўтказилади
Ишлар давомида бино ва иншоотларнинг кадастр ҳужжатлари, мавжуд мол-мулклар рўйхати ҳамда мулкдорлар рўйхати ўрганиб чиқилади

Тошкент шаҳридаги бозор ва савдо комплексларининг молиявий ҳолатини ўрганиш, мол-мулкини хатловдан ўтказиш ва мавжуд муаммоларни аниқлаш бўйича ишлар ташкил этилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бу Тошкент шаҳрини 2026–2027-йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар доирасида амалга оширилади.
Хатлов жараёнида:
• бино ва иншоотларнинг кадастр ҳужжатлари, мавжуд мулклар ҳамда мулкдорлар рўйхати ўрганилади;
• бозор ва савдо комплекслари ҳудудларидаги ноқонуний қурилишлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади;
• ҳудудлар чегаралари, муҳофаза зоналари ва мавжуд чекловлар ўрганилади;
• солиқ, мажбурий тўловлар ва бошқа қарздорликлар таҳлил қилинади;
• комплексларнинг молиявий ҳолати ва мавжуд муаммолар ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Ўрганишлар натижасида бозор ва савдо комплекслари активларидан самарали фойдаланиш, жумладан, тегишли бошқарув органлари қарорларига мувофиқ уларни оммавий савдоларга чиқариш бўйича таклифлар тайёрланади.





