Тошкентда Боткин қабристонидаги қабртошлар зарар кўришига сабаб бўлган қурилиш ишлари тўхтатилди

Мутахассислар вазиятни ўрганиб чиқиб, қурилиш ишлари ноқонуний равишда — тегишли рухсатномаларсиз ҳамда белгиланган шаҳарсозлик нормаларини бузган ҳолда бошланганини аниқладилар

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Боткин қабристонида қабр тошларига шикаст етказилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Дастлабки ўрганишлар шуни кўрсатдики, собиқ шампан винолари заводи ҳудудида олиб борилган қурилиш ишлари вақтида объектни Боткин қабристонидан ажратиб турган девор қулаган. Оқибатда 15-секторнинг сўнгги қаторидаги бир нечта қабр тошларига шикаст етган.

Тошкент шаҳар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ходимлари тегишли ташкилотлар билан биргаликда ушбу ҳолатни ўрганиб чиқди.

Аниқланишича, ҳолат Тошкент шаҳри Яшнобод тумани, Султонали Машҳадий маҳалласи ҳудудида жойлашган тадбиркорлик объектида қўшимча бино қуриш учун ер ишлари олиб борилаётган вақтда содир бўлган.

Ўрганишлар давомида мазкур қурилиш ишлари белгиланган шаҳарсозлик нормалари талабларига зид равишда, тегишли рухсатномаларсиз ноқонуний бошланганлиги аниқланди. Шунингдек, ер ишлари жараёнида қурувчининг эҳтиётсизлиги оқибатида қабристон деворига шикаст етказилгани ва айрим қабрларга зарар етгани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан қурилиш ишлари тўхтатилди ҳамда қурувчи ташкилотга нисбатан БҲМнинг 200 баравари миқдорида маъмурий жарима қўлланилди.

Ўзбекистон