Сенаторлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартириш киритишни маъқуллади
Янги алифбо 26 та ҳарф ҳамда 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисини ўз ичига олади

Олий Мажлис Сенати «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритишни маъқуллади, деб хабар бермоқда юқори палата матбуот хизмати.
Қонун билан Ўзбекистон республикаси қонунига лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топишини назарда тутувчи тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, янги таҳрирдаги алифбога ўтиш жараёнида фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини инобатга олиш мақсадида қонун кучга киргунига қадар амалдаги алифбо асосида расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг муомалада бўлишига тўсқинлик қилинмаслиги белгиланмоқда.
Давлат органлари ва ташкилотларининг айрим рамзий белгилари, пешлавҳа ва кўрсаткичлардан эса улар яроқсиз ҳолатга келгунига қадар ёки белгиланган муддатгача фойдаланишга рухсат берилади.





