Тошкентда ота-оналарнинг аксарияти мактаб автобусларини жорий этиш учун овоз беришди
School Bus тизимини жорий этишнинг амалий имкониятлари ишлаб чиқилиб, тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда уни босқичма-босқич йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилади

Сўровда қатнашган фуқароларнинг кўпчилиги Тошкентда мактаб автобусларини жорий этиш учун овоз берди. Бу ҳақда пойтахт Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, пойтахт мактабларида ўқувчиларнинг мактабга хавфсиз ва қулай қатновини ташкил этиш мақсадида мактаб автобуслари — School Bus тизимини йўлга қўйиш бўйича амалий ўрганиш ишлари бошланди.
Бунинг учун, аввало, ота-оналарнинг эҳтиёжи, ўқувчиларнинг мактабга қандай қатнаши ҳамда келгусида автобус йўналишларини шакллантириш учун зарур маълумотлар ўрганилмоқда.
Айни вақтга қадар сўровнома Тошкент шаҳридаги 328 та мактабнинг ўқувчи сони кўп бўлган ва дастлабки ҳисоб-китобларга School Bus тизимига талаб даражаси юқори деб баҳоланган 29 тасида ўтказилди. Унда 58 369 нафар ўқувчининг оила аъзолари ёки васийлари иштирок этди.
Дастлабки натижаларга кўра, ўқувчиларнинг:
• 38,5% мактабга пиёда келади;
• 33,1% ота-оналари томонидан шахсий автомобилда олиб келинади;
• 18,3% автобусдан фойдаланади;
• 5,7% таксидан фойдаланади;
• 3,5% метро орқали қатнайди;
• 0,9% микромобил воситалардан фойдаланади.
Энг муҳим кўрсаткич — сўровнома иштирокчиларининг 73,5% мактаблар учун махсус автобус қатновларини ташкил этиш истагини билдирган. Мазкур натижа пойтахтда School Bus тизимига юқори эҳтиёж мавжудлигини кўрсатмоқда.
Сўровнома қолган мактабларда ҳам босқичма-босқич давом эттирилади. Якуний натижалар асосида ўқувчилар оқими, йўналишлар, эҳтиёж мавжуд автобуслар сони, ҳаракат жадвали, хавфсиз тушириш ва олиб кетиш нуқталари ҳамда бошқа ташкилий масалалар батафсил ўрганилади, — дейилади хабарда.
Шундан сўнг, School Bus тизимини жорий этишнинг амалий имкониятлари ишлаб чиқилиб, тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда уни босқичма-босқич йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилади.





