Сенат давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлик учун жавобгарликни кучайтиришни маъқуллади

Сенат чегара орқали ноқонуний ер ости тоннелларини қуриш ва улардан фойдаланишни ташкил этганлик ҳамда молиялаштирганлик учун жиноий жавобгарлик белгиловчи қонунни маъқуллади

Олий Мажлис Сенати Ўзбекистон Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, кейинги йилларда мамлакатда давлат чегараларини муҳандислик жиҳатидан мустаҳкамлаш, чегара қўшинларининг моддий-техника базасини кучайтириш ҳамда миллий хавфсизликни таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, трансмиллий жиноятчиликнинг янги кўринишлари, хусусан, давлат чегараси орқали ерости тоннелларини қуриш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари мавжуд қонунчиликни янада такомиллаштириш заруратини юзага келтиргани қайд этилди.

Муҳокамада 2016–2025 йиллар давомида давлат чегарасида 12 та ноқонуний ерости тоннели аниқлангани, улар орқали катта миқдордаги товар-моддий бойликлар, валюта қимматликлари ва бошқа товарларни мамлакатга яширин олиб киришга уринишлар кузатилгани таъкидланди.

Бу каби ҳолатлар давлат чегараси дахлсизлиги, иқтисодий хавфсизлик ва миллий манфаатларга жиддий таҳдид солиши қайд этилди.

Қонун билан Жиноят кодексида давлат чегараси орқали еростида ноқонуний тоннеллар ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш, улардан фойдаланиш, бундай фаолиятни ташкил этиш ёки молиялаштириш учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, ана шундай ноқонуний иншоотлардан фойдаланган ҳолда давлат чегарасини кесиб ўтганлик ёки контрабанда жиноятлари содир этганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда, — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Қонунда инсонпарварлик тамойили ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, биринчи марта ушбу турдаги қилмишни содир этган шахс ўз ихтиёри билан давлат органларига ноқонуний тоннел ҳақида хабар берса ёки жиноятни фош этишга фаол кўмаклашса ҳамда унинг ҳаракатларида бошқа жиноят таркиби бўлмаса, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкинлиги назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ давлат чегараси орқали еростида ноқонуний тоннеллар қуриш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини Давлат хавфсизлик хизмати органлари терговчилари амалга ошириши белгиланмоқда. Бу мазкур турдаги жиноятларни тезкор аниқлаш ва самарали тергов қилиш имкониятларини янада кенгайтиради.

Ўзбекистон