Фарғона ва Наманганда фуқароларни «Умра» зиёратига ноқонуний юбормоқчи бўлганлар ушланди

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган

Республиканинг икки вилоятида «Умра» зиёратига юбориш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

Жумладан, Фарғона вилоятида ноқонуний равишда «Умра» зиёратига юбориш билан боғлиқ ҳолат аниқланди. Маълум бўлишича, Қўқон шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирма раҳбари 2 нафар фуқарони «Умра» сафарига жўнатишни ваъда қилиб, 2200 АҚШ доллари талаб қилган.

Натижада, ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Бундан ташқари, Наманган вилоятида кузатилган ҳолатда эса Чортоқ туманида фаолият юритувчи сайёҳлик фирма ишчиси 2 нафар фуқарони «Умра» сафарига юбориш эвазига 2200 АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 400 доллар олган вақтида ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланади.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон