Сенаторлар Зарафшон шаҳри чегараларини кенгайтиришни маъқуллади
Қарор билан Томди тумани ҳудудидан 2 459 гектар ер майдонини Зарафшон шаҳри таркибига ўтказиш назарда тутилмоқда

Олий Мажлис Сенати Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри ва Томди тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилди, деб хабар беради парламент юқори палатаси матбуот хизмати.
Таъкидланганидек, мазкур ташаббус Зарафшон шаҳрининг истиқболли ривожланиши, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, инвестицияларни жалб этиш, аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш ҳамда янги иш ўринларини ташкил этиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қарор билан Томди тумани ҳудудидан 2 459 гектар ер майдонини Зарафшон шаҳри таркибига ўтказиш назарда тутилмоқда.
Янги ҳудудларни ўзлаштириш натижасида 250 дан ортиқ саноат ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, 90 та ижтимоий соҳа объекти, шунингдек, 500 дан ортиқ савдо-маиший ва хизмат кўрсатиш нуқталарини ташкил этиш режалаштирилган.
Қайд этилишича, Зарафшон шаҳрида саноат ва ишлаб чиқариш қувватларининг кенгайиши, аҳоли сони ва иқтисодий фаолликнинг ортиб бориши натижасида уй-жой, ижтимоий соҳа ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасига бўлган эҳтиёж ҳам ошиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан, шаҳар чегараларини кенгайтириш унинг келгусидаги ривожланиши учун зарур ҳудудий имкониятларни яратади. Шу билан бирга, янги ҳудудларда турар жойлар барпо этиш билан бир қаторда, аҳолини ичимлик суви, электр энергияси, йўл, канализация ва бошқа зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш имкониятлари яратилади.
Бу, ўз навбатида, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшлар ва меҳнат бозорига кириб келаётган фуқаролар учун янги имкониятлар очиб беради.
Муҳокамадан сўнг Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.





