Самарқандда илк ўрта асрларга оид ҳайкалнинг бош қисми топилди
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур топилма Қўрғонтепа ибодатхонасининг диний-бадиий безаги ҳамда ўша давр санъатини ўрганишда муҳим илмий аҳамиятга эга

Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Қўрғонтепа ёдгорлигида олиб борилган археологик қазишмалар чоғида илк ўрта асрларга оид ҳайкалнинг бош қисми топилди, деб хабар бермоқда Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур топилма Қўрғонтепа ибодатхонасининг диний-бадиий безаги ҳамда ўша давр санъатини ўрганишда муҳим илмий аҳамиятга эга. Ҳайкалнинг юз тузилиши, соч турмаги ва бошқа иконографик хусусиятлари қадимги Сўғд санъатининг ўзига хос жиҳатларини тадқиқ этишда қимматли манба бўлиб хизмат қилади.

Қазишмалар давомида аниқланган хоналар қолдиқлари ва бошқа археологик топилмалар ибодатхонанинг ички тузилиши ва вазифаси, шунингдек, бу ерда амалга оширилган диний маросимлар ҳақида янги маълумотлар олиш имконини бермоқда.
Маълумот учун, 2024 йилда Қўрғонтепадаги мазкур ибодатхона қолдиқлари орасидан тўрт қўлли маъбуд тасвири акс эттирилган деворий рангтасвир, шунингдек, сопол ҳайкалга оид қўл ва оёқ қисмлари топилган эди.






