Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон Биринчи хонимлари «Алтин балалик» реабилитация марказига ташриф буюрдилар
Ташриф давомида олий мартабали меҳмонлар марказ фаолияти билан танишди

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Қирғиз Республикаси Биринчи хоними Айгул Жапарова ҳамда Озарбайжон Республикаси Биринчи хоними Меҳрибон Алиева билан биргаликда «Алтин балалик» реабилитация марказига ташриф буюрди.
Ташриф давомида олий мартабали меҳмонлар марказ фаолияти, бу ерда тарбияланувчилар учун ташкил этилган маҳорат дарслари билан танишиб, болалар билан самимий мулоқот қилдилар.

Олий мартабали меҳмонлар шарафига «Шаттик» миллий рақс ансамбли ва ёш комузчилар ансамбли чиқиш қилди. Шунингдек, «Ақилман» иқтидорли болалар президент лицейи тарбияланувчилари томонидан лой ва кигиздан тайёрланган буюмлар кўргазмаси намойиш этилди.
Шундан сўнг олий мартабали меҳмонлар соҳил ҳудуди ва санъат галереясини кўздан кечирдилар. Унда Қирғиз Республикасида ўтказиладиган болалар ижодиёти бўйича халқаро танловлар ғолиблари, жумладан, ўзбекистонлик ёш рассомларнинг ижод намуналари тақдим этилди.

Дастурдан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги дўстлик рамзи бўлган «Дўстлик дарахти» номли кигиз панносига якуний безак элементини тушириш маросими ҳам ўрин олди.
Ташриф якунида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хонимига Қирғиз Республикаси Биринчи хоними томонидан анъанавий қирғиз миллий мусиқа асбоби — чангқўбиз туҳфа қилинди.





