Наманганда ишсизларга ажратилган 216 млн сўм бюджет пули талон-торож қилинди

Наманган вилояти Наманган туманида ишсизларга тўланиши лозим бўлган 216,2 миллион сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Наманган туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Тумандаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мансабдор шахслари томонидан марказга иш сўраб мурожаат қилмаган ва ишсизлар рўйхатига киритилмаган 204 фуқаронинг жамоат ишларига жалб этилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузган. Шунингдек, жами 216,2 миллион сўм бюджет маблағлари талон-тарож қилингани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан марказ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Шаҳрихонда кам таъминланган оилаларга ажратилган 82 миллион сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани, Aндижонда Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари томонидан 159, 3 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани маълум бўлгани ҳақда хабар берилганди.