Ўзбекистонлик ўқувчилар Халқаро кимё олимпиадасида кумуш ва бронза медалларни қўлга киритди

Кимё фанидан энг нуфузли ҳисобланадиган Халқаро кимё олимпиадаси 2020 йил 25 июль куни масофавий тарзда ўтказилди. Мазкур олимпиадада дунёнинг 60 давлатидан жами 235 нафар ўқувчи иштирок этди.

Олимпиадада Ўзбекистон шарафини 2018—2019 ўқув йилида республика фан олимпиадасида ва қўшимча республика олимпиадаси ғолиблари орасидан саралаб олинган 4 нафар ўқувчи ҳимоя қилди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Ўқувчилар қуйидаги натижаларни қайд этди:

  • Мирумид Миракбаров (Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳузуридаги академик лицей) (кумуш медал);
  • Дилшодахон Исаева (Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳузуридаги академик лицей) (кумуш медал);
  • Фирдавс Собиров (35-мактаб, Бухоро шаҳри) (бронза медал);
  • Aкобир Нарзуллаев (49-мактаб, Бухоро вилояти, Жондор тумани) (диплом).

52-Халқаро кимё олимпиадасида ўқувчилар лаборатория кимёвий тажрибаларисиз, фақат назарий босқични ўтказишган. Олимпиада синов жараёнини назоратчилар 4 та вебкамера ёрдамида кузатиб борган.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмат

Масофавий олимпиада Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳузуридаги академик лицейда санитария-гигиена ҳамда карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ташкил этилган. 52-Халқаро кимё олимпиадаси Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган эди. Aммо коронавирус пандемияси туфайли режалар ўзгартирилиб, масофавий ўтказилди. Ғолибларнинг медаллари ва дипломлари Туркиядаги ташкилий қўмита томонидан почта орқали жўнатилади.