Ўзбекистон мактабларида дезинфекция воситаларини харид қилишда ўқитувчилардан пул йиғилмайди
Ўзбекистонда мактабларда таълим жараёнини ташкил этишда қўлланиладиган дезинфекция воситаларининг бирортаси ҳам ўқитувчилар томонидан харид қилинмаслигини, дезинфекция ва антисептик воситалар билан таъминлашга эса вилоят ҳокимликлари масъул этиб белгилангани маълум қилинди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби хабар қилди.
Хабарга кўра, Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув йилига тайёргарлик масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида мазкур масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилган. Унда мактаблар учун пирометр ва дозаторлар харид қилиш ҳамда уларни ҳудудларга етказиш бўйича мутасадди вазирликларга топшириқлар берилган. Мактабларни дезинфекция ва антисептик воситалари билан таъминлашга эса вилоят ҳокимликлари масъул этиб белгиланган.
Шунингдек, Президентнинг «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ халқ таълими муассасаларини қўллаб-қувватлаш, хусусан, тегишли ҳудудда умумтаълим муассасаларига ёрдам кўрсатишни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш маҳаллий ҳокимликлар томонидан амалга оширилиши белгиланган.
«Шу сабабли мактабларда таълим жараёнини ташкил этишда қўлланиладиган дезинфекция воситаларининг бирортаси ҳам ўқитувчилар томонидан харид қилинмаслигини, ота-оналар томонидан эса фақатгина фарзандининг санитария-гигиена қоидаларига риоя этишлари учун тиббий ниқоб ва шахсий антисептиклар билан таъминланишини маълум қиламиз», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, пандемия шароитида умумтаълим мактабларга пирометр, дезинфекция воситалари, дозаторлар ҳамда антисептиклар марказлашган холатда етказиб берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда янги ўқув йили учун карантин талабларига тайёргарликни назорат қилиш бошлангани ҳамда Ўзбекистонда янги ўқув йили олдидан мактабларга салкам 10 минг нафар тиббиёт ходими жалб қилингани ҳақида хабар берилганди.