Ўзбекистонда янги ўқув йили олдидан мактабларга салкам 10 минг нафар тиббиёт ходими жалб қилинди

Ўзбекистонда янги ўқув йили олдидан мактабларга салкам 10 минг нафар тиббиёт ходими жалб қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, мамлакатда мавжуд 9942 та мактабда фаолият кўрсатадиган 480 минг нафардан ортиқ ўқитувчи ва мактабларда таҳсил олаётган 6,2 миллион нафардан зиёд ўқувчининг хавфсизлигини таъминлаш учун таълим муассасаларига қарийб 10 минг нафар тиббиёт ходими бириктирилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги барча жараёнларда таълим мутасаддиларига мактабларда тиббий хавфсизликни таъминлаш борасида кўмак ва тавсияларини бериб боришни режалаштирган.

Қайд этилишича, тиббиёт ходимлари мактабларда фильтрларни ташкил этишда иштирок этиши ва ушбу жараёнда тана ҳарорати кўтарилган ва бемор деб топилган ўқувчилар ҳақидаги маълумотни ҳудуддаги тегишли муассаса раҳбарларига етказиши белгиланган. Бундан ташқари, тиббиёт ходимларига карантинга олинган хонадон эгаларига бемор ёки улар билан мулоқотда бўлган болаларни фақат оила шифокорининг рухсати билан мактабга юбориш кераклигини тушунтириш ҳамда бемор аниқланган хонадонда санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилиш тартибини назорат қилиш вазифаси юкланган.

Шунингдек, таълим муассасасига бириктирилган тиббиёт ходимлари мактаб жамоаси ва ўқувчилар орасида коронавирус профилактикаси билан шуғулланиш, тарғибот тадбирларини ўтказиш, амалга оширилган ишлар ва бемор болаларнинг ҳолати бўйича маҳаллий ҳокимликлар, халқ таълими муассасалари каби қатор ташкилотларга тегишли маълумотларни тақдим қилиш ишлари билан шуғулланиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда мактаблар бўйича ўтказилган онлайн сўровномада 50 фоиздан ортиқ ота-она мактаблар фаолиятини бошлашни қўллаб чиққани ҳақида хабар берилган эди.

Кейинчалик, Ўзбекистон мактабларида таълим қачондан ва қандай шаклда бошланиши маълум қилинди.