Ўзбекистон мактабларида таълим қачондан ва қандай шаклда бошланиши маълум қилинди
Шавкат Мирзиёев раислигида 28 август куни умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув йилига тайёргарлик масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, мактабларда таълим жараёнини бир вақтнинг ўзида икки хил шаклда ташкил этишга қарор қилинди. Яъни аксарият ота-оналар талабига кўра анъанавий, шу билан бирга, масофавий шаклда йўлга қўйилади. Халқ таълими вазирлигига ота-оналар ҳамда маҳаллий кенгашлар таклифларидан келиб чиқиб, янги ўқув йилини 14 сентябрдан бошлаш, мактабларда ҳаракатлар схемасини ишлаб чиқиб, тажрибадан ўтказиш бўйича топшириқ берилди.
Халқ таълими вазирлиги томонидан алоҳида сўровнома тузилиб, ҳар бир ота-онанинг фикри батафсил ўрганилди. Бу тадбирда 5 миллион 500 минг нафар ота-она иштирок этди. Уларнинг 76 фоизи таълим жараёнини мактабга қатнаган ҳолда, яъни анъанавий шаклда олиб бориш тарафдори бўлган. 24 фоизи эса масофавий шаклда — теледарслар орқали давом эттиришни маъқул кўришган.
«Бундан ташқари, мазкур масала юзасидан дунёдаги вазият ҳам ўрганилди. Куни кеча Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус дунёда коронавирус касаллиги яна икки йилгача давом этиши мумкинлигини билдирди. БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш пандемия сабабли кўп давлатларда тўхтаб қолган таълим жараёни оқибатлари келгусида дунё ҳамжамияти учун ўта оғир бўлиши мумкинлигини айтди. Бу дегани барчамиз пандемия шароитида коронавирус билан яшаш, ишлаш ва фарзандларимизни ўқитишга тайёр бўлишимиз керак», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев короновирус билан боғлиқ ҳақиқий вазиятни яширганлар жиноий жавобгарликка тортилишини айтди. Шунингдек, Ўзбекистонда 16 ёшга тўлмаган 810 минг нафар болага 500 минг сўмдан ёрдам пули берилиши маълум қилинди.