Ўзбекистонда 16 ёшга тўлмаган 810 минг нафар болага 500 минг сўмдан ёрдам пули берилади
Шавкат Мирзиёев раислигида ўқув йилига тайёргарлик масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, йиғилишда кўмакка муҳтож оилаларга моддий ёрдам бериш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Шу мақсадда 26 август куни Президентнинг «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.
Қарорга кўра, кўмакка муҳтож оилаларнинг болаларини қишки кийим-бош, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш мақсадида «темир дафтар»га киритилган, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болаларга 500 минг сўмдан ёрдам пули берилади. Ушбу моддий ёрдам билан жами 810 мингдан зиёд болалар қамраб олинади. Бунинг учун 400 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағлари ажратилди.
«Боқувчисини йўқотган оилалардаги ва ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болалар бўйича аниқ ҳисоб-китоблар мавжуд бўлиб, тўловлар Пенсия жамғармаси томонидан пенсия ва нафақага қўшиб берилади. Бу жуда қулай, чунки тизим бор», дейилади хабарда.
Шунингдек, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, ҳокимлар ҳамда сектор раҳбарларига ёрдам пулларини муҳтож оилаларга адолатли, очиқ ва тўғри етказиб бериш, ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслик юзасидан топшириқлар берилди. Аҳоли билан учрашиб, ушбу маблағлар ҳақиқатда ёрдамга муҳтож болаларнинг баркамол ривожланиши ва соғлиғи учун сарфланиши зарурлигини тушунтириш вазифаси қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев короновирус билан боғлиқ ҳақиқий вазиятни яширганлар жиноий жавобгарликка тортилишини айтди.