COVID-19 пандемияси даврида мактабларга қўйиладиган санитария талаблари маълум қилинди
«Ўзбекистон Республикасида COVID-19 пандемияси даврида умумий ўрта таълим мактаблари ва ўрта махсус мактаб-интернатларининг фаолиятини ташкиллаштириш бўйича вақтинчалик санитария-эпидемиологик талаблар» Aдлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, ҳисобга олингани маълум қилинди.
Келтирилишича, мазкур ҳужжат коронавирус пандемияси даврида мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча умумтаълим мактаблари ва махсус мактаб-интернатларнинг хавфсиз иш муҳитини таъминлашга қаратилган иш фаолиятига татбиқ этилган.
Шунингдек, ҳужжатда қуйидагилар назарда тутилган:
- машғулотларни соат 8:00 дан сўнг бошлаш ва 17:30 дан кечиктирмасдан тугатиш ҳамда уларни 3 сменада ташкиллаштириш;
- пандемия даврида оммавий тадбирлар (йиғилишлар, концертлар, туғилган кун ва шу кабилар) ўтказилишини вақтинча тўхтатиш;
- барча болалар ва уларнинг қонуний вакиллари ниқобларда келишлари;
- мактабга киришдан аввал мактабнинг тиббий ходимлари ва масъуллари томонидан «эрталабки фильтрлаш» бўйича махсус пункт ташкил этилиши ҳамда тегишли журнал юритилиши;
- «эрталабки фильтрлаш» жараёнидан сўнг ўқувчилар кириш жойларида ўрнатилган махсус диспенсердан антисептик восита ёрдамида қўлларини зарарсизлантиришлари;
- ниқоб ёки респираторсиз мактабга киришига рухсат берилмаслиги ва бунда ниқоб камида ҳар 3 соатда, респираторлар камида ҳар 8 соатда ўзгартирилиши лозимлиги;
- синфларда ҳар бир ўқувчига 2 м² дан кам бўлмаган майдон бўлиши талаб этилиши;
- пандемия пайтида мактаб ошхоналари ўз ишини амалдаги санитария меъёрлари ва қоидалари талабларига риоя қилган ҳолда ташкил этиши;
- юқумли касалликлар белгилари бўлган ўқувчилар ва мактаб ходимлари ушбу белгилар аниқланган вақтдан бошлаб тез ёрдам гуруҳи ёки ота-оналар (қонуний вакил) келгунига қадар зудлик билан изоляция қилинишлари шартлиги.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда мактаблар бўйича ўтказилган онлайн сўровномада 50 фоиздан ортиқ ота-она мактаблар фаолиятини бошлашни қўллаб чиққани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда пандемия шароитида ўқув йилини бошлаш буйича қарор лойиҳаси тайёрлангани маълум қилинган.