Бош прокуратура Андижондаги ЙТҲ оқибатида ИИБ ходими калтаклангани акс этган видео юзасидан баёнот берди

Бош прокуратура Андижонда «Damas» ва «Spark» иштирокидаги ЙТҲда ИИБ ходими калтаклангани акс этган видеотасвир юзасидан расмий баёнот берди.

Баёнотга кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган Андижон шаҳрида «Damas» ҳамда «Spark» русумли автомашиналар иштирокида содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ИИБ ходими калтакланиб, тан жароҳати етказилганлиги ҳақидаги видеолавҳада акс этган ҳолатлар юзасидан Андижон вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган. Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан фуқаролар Х.Б. ва Х.Э.га нисбатан Жиноят кодексининг 105-моддаси (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) 2-қисми «и» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Иш ҳужжатларига кўра, 24 сентябрь куни Андижон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 1-сонли ИИБ тергов бўлинмаси терговчиси С.Ғ. ўзининг бошқарувида бўлган «Damas» русумли автомашинанинг бошқарувини йўқотиб, йўл четидаги «Spark» русумли автомашина билан тўқнашиб, йўл транспорт ҳодисасини содир этган. Шундан сўнг «Spark» русумли автомашина ҳайдовчиси Х.Б. ҳамда унинг ёнида бўлган Х.Э. С.Ғ. билан жанжаллашиб, унга тан жароҳати етказган.

Баёнотда мазкур ҳолат юзасидан воқеа иштирокчиларига етказилган тан-жароҳатлари, хусусиятлари ва оғирлик даражасини аниқлаш юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинлангани айтиб ўтилган. Жиноят иши бўйича Х.Б. ва Х.Э. сиртдан айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эълон қилинган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Аввалроқ Данғарада «Lacetti» ва «Matiz» тўқнашиши оқибатида вояга етмаган бола вафот этгани, Андижонда «Damas»ни маст ҳолатда бошқарган фуқарога чора кўрилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар