Андижонда «Damas»ни маст ҳолатда бошқарган фуқарога чора кўрилди

Андижон вилоятида ўтказилаётган тунги рейд тадбирларининг бирида «Damas» автомашинасини маст ҳолатда бошқарган фуқарога чора кўрилди, деб хабар берди Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, рейд давомида «Damas» автомобили тўхтатиб текширилганда автомашина эгаси сергак ҳолда йўловчи ўриндиғида, таниши 21 ёшли фуқаро эса ўта маст ҳолда бошқарувда эканлиги аниқланган.

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги автомобиль эгаси сергак ҳолда бўла туриб, маст аҳволдаги ёш йигитчага бошқарувни топширганини ўта масъулиятсизлик дея атаган. Таъкидланишича, йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан маст ҳайдовчи ва автомашина эгасига белгиланган тартибда чора кўрилган.

Аввалроқ Ғиждувонда «Cobalt» ҳайдовчиси маст ҳолатдаги 63 ёшли эркакни уриб юбориши оқибатида фуқаро ва Бухорода «Matiz» ва «Lacetti» иштирокидаги ЙТҲ оқибатида бир киши вафот этгани, Пунгон—Наманган йўлида эса «Spark» ва юк машинаси иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида йўловчилардан бири ҳалок бўлгани маълум қилинганди.