Бухорода «Matiz» ва «Lacetti» иштирокидаги ЙТҲ оқибатида бир киши вафот этди (фото)
Бухоро шаҳрида 11 август куни «М37» йўлининг кесишмасида икки автомашина тўқнашиб кетиши оқибатида улардан бирининг салонида бўлган 1961 йилда туғилган фуқаро вафот этди. Бу ҳақда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум бўлишича, 11 август куни соат тахминан 18:30 атрофида содир этилган ушбу йўл транспорт ҳодисаси экспертларнинг хулоласига кўра, «Мatiz» автомашинаси ҳайдовчиси A.Х. айби билан юз берган. У светафорнинг тақиқловчи қизил чироғида ҳаракатланиб, қарама-қарши йўналишда келаётган «Lacetti» автомашинасига бориб урилган. Оқибатда «Matiz» салонида бўлган йўловчи бош суяк соҳаси ёпиқ жароҳатланиши ва ўнг қовурға синиши оқибатида Бухоро шаҳар касалхонасига олиб кетилган. Бироқ жабрланувчининг жароҳатлари жиддий бўлганлиги сабаб, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, у касалхонада вафот этган.
«Таъкидланишича, такси ҳайдовчиси бир йил давомида 4 маротаба йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги аниқланган ва ушбу ҳайдовчи билан бир неча маротаба тушунтириш ишлари олиб борилган. Aммо ҳайдовчи ўзига керакли хулоса чиқмасдан, ушбу қоидабузарликни содир этиб, йўл транспорт ҳодисасига учраган. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Қамчиқ довонида «Cobalt» ариққа ағдарилиб кетгани, Ғиждувонда «Москвич»нинг ариққа ағдарилиб кетиши оқибатида икки йўловчи вафот этгани ҳамда Фарғона туманида юк машинасига осилган фуқаро унинг тагида қолиб, ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.