Ғиждувонда «Москвич»нинг ариққа ағдарилиб кетиши оқибатида икки йўловчи вафот этди (фото)
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида ҳайдовчи У.Б. 10 август, душанба куни транспорт воситасининг техник ҳолатини текширмай йўлга чиққанлиги сабабли автоҳалокатга учради. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 2020 йил 10 август куни соат тахминан 15:30 атрофида У.Б. ишончнома асосида бошқарувида бўлган «Москвич» автомашинасини Ғиждувон туман «Соҳибиён» МФЙ ҳудудидан ўтувчи ички йўл — Соҳибиён қишлоғидан Шўрча қишлоғи томонга бошқариб кетаётганида автомашинанинг олд томон ғилдираги чиқиб кетган ва ҳайдовчи бошқарувни йўқотган. Машина эса ҳаракат йўналиши бўйича йўлнинг чап томонидаги ариққа ағдарилиб кетган. Оқибатда автомашинадаги йўловчилар — 50 ёшли А.И. ва 44 ёшли Ғ.Р.лар ҳодиса жойида вафот этган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ғиждувон тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Аввалроқ Фарғона туманида юк машинасига осилган фуқаро унинг тагида қолиб, ҳалок бўлгани, Ўзбекистон туманида юк машинаси уриб юборган фуқаро воқеа жойида вафот этгани, Наманганда «Мatiz» ва велосипед иштирокида ЙТҲ содир бўлиши оқибатда велосипедчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.