Пунгон—Наманган йўлида «Spark» ва юк машинаси иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида йўловчилардан бири ҳалок бўлди

Пунгон—Наманган йўлининг 56 километрида 25 август, сешанба куни «Spark» автомашинаси «Hyundai Porter» русумли автомашина билан тўқнишиши оқибатида машина ичида бўлган йўловчилардан бири вафот этди. Бу ҳақда Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси ахюорот хизмати

Маълум қилинишича, 25 август куни соат 01:00 атрофида Пунгон—Наманган йўлининг 56 километрида «Spark» автомашинасини бошқариб кетаётган ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган «Hyundai Porter» русумли автомашина билан тўқнашув содир этган.

Оқибатда «Spark» автомашинасида бўлган йўловчи олган оғир тан жароҳати туфайли воқеа жойида вафот этган. Ҳайдовчи эса оғир қўшма шикаст, кўз қовоқ соҳаси йиртилган жароҳат ташхиси билан, қолган икки нафар йўловчилар қўшма шикаст, бош мия ёпиқ шикасти ташхиси билан Чуст туман марказий шифохонасига ётқизилган.

Ушбу ҳолат бўйича туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Водий—Тошкент автомобиль йўлида «Isuzu» йўл ўртасидаги темир тўсиққа бориб урилиши оқибати ёнғин келиб чиқиб, икки киши воқеа жойида вафот этгани, Наманганда 3 та юк машинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлиб, ҳайдовчилар касалхонага ётқизилгани ҳамда Ургутда «ЗИЛ» ва «Cobalt» тўқнашиб кетиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар