Водий—Тошкент автомобиль йўлида «Isuzu» йўл ўртасидаги темир тўсиққа бориб урилиши оқибати ёнғин келиб чиқди. Икки киши воқеа жойида вафот этди

Тошкент—Ўш автомобиль йўлида 25 август, сешанба куни Водий—Тошкент йўналишида ҳаракатланган «Isuzu» русумли юк автомашинаси ёниб кетган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилди.


Хабарга кўра, «Isuzu» ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл ўртасидаги темир тўсиққа бориб урилган. Бунинг оқибатида ёнғин келиб чиқиб, автомашина ичидаги ҳайдовчи ва 1 нафар йўловчи воқеа жойида вафот этган. Ушбу ҳолатга аниқлик киритилганда, юк машинасининг юкхонасида 8 тонна қурилиш хомашёси, яъни бетонга қўшиладиган кимёвий эритма борлиги маълум бўлган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Қайд этилишича, мазкур вазият юзасидан «Қамчиқ» махсус-қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси бошлиғи полковник Х.Бобонов бошчилигидаги шахсий таркиб ҳамда махсус техникалар зудлик билан воқеа жойига етиб борган. Ёнғин-қутқарувчиларининг олиб борган тезкор саъй-ҳаракатлари натижасида ёнғин қисқа вақт ичида бартараф этилди.

Эслатиб ўтамиз, Қамчиқда учта юк машинаси кетма-кет ЙТҲга учрагани ҳамда юк машинаси ва юк поезди иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар