Қамчиқда учта юк машинаси кетма-кет ЙТҲга учради

Қамчиқ довонида юк машиналари билан кетма-кет йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақида Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, 22 август соат 16:00 лар атрофида «МАЗ» русумли юк машина ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, Қамчиқ довонида йўл ўртасидаги темир-бетон тўсиққа  урилган. ЙТҲ Тошкент–Ўш халқаро автомобиль йўлининг 247 километрида содир бўлган.

Фото: Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

Бу вақтда «Isuzu» юк машинаси ҳайдовчиси «МAЗ» юк автомашинасининг ортидан тўқнашмаслик учун автомобилни олиб қочмоқчи бўлган. Аммо, олд томонида кетаётган бошқа юк автомобилига урилган. ФВВнинг «Қамчиқ» махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бўлими ходимлари воқеа жойига етиб бориб, жабрланганларни автомобиллар ичидан чиқариб олди.  Жароҳатланган ҳайдовчиларга биринчи ёрдам кўрсатилиб, Поп тумани шифохонасига юборилган.

Маълумот учун, Қамчиқ довонида автомобиль йўлининг маълум қисми чўккан. Шунингдек, Қамчиқ довонининг тоғли ҳудудига дам олишга чиққан фуқаро қияликдан тушиб кетгани маълум қилинди.

Аввалроқ Қамчиқ довонида 2 та юк машинаси иштирокида ҳамда юк поезди ва юк машинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар