Ургутда «ЗИЛ» ва «Cobalt» тўқнашиб кетиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлди

Самарқандда 18 август, сешанба куни соат 15:30 ларда Ургут туман «Баҳрин» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Тошкент—Термиз М-39 автомобиль йўлида «ЗИЛ» ва «Cobalt» автомашиналари тўқнашиб кетди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар қилди.

Фото: Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси

Хабарга кўра, Жомбой туманида яшовчи ҳайдовчи, 1999 йилда туғилган А.Д. бошқарувида бўлган «ЗИЛ» русумли юк автомашинаси Самарқанд—Ургут йўналишида ҳаракатланиб кетаётиб, қарама-қарши йўналишдан келаётган ҳайдовчи, Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшаган, 1971 йилда туғилган  Ш.А. бошқарувидаги «Cobalt» русумли автомашина билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Натижада «Cobalt» ҳайдовчиси ҳамда ушбу автомашина салонида бўлган 2 нафар йўловчи воқеа жойида вафот этган, 1 нафар йўловчи Ургут туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимида вафот этган, шунингдек, 3 нафар йўловчи тан жароҳати олиб, Ургут туман Тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Фото: Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон туманида юк машинаси уриб юборган фуқаро воқеа жойида вафот этгани, Косонсойда «Cobalt» ҳайдовчиси 11 ёшли болани уриб юборгани, Қўқонда «Cobalt», «Lacetti» ва мотоцикл иштирокида ЙТҲ содир бўлиши оқибатида мотоцикл ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этгани ҳамда Учқўрғонда «Matiz» велосипедчини уриб юбориши оқибатида велосипед ҳайдовчиси вафот этгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар