Наманганда 3 та юк машинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Ҳайдовчилар касалхонага ётқизилган (фото)

Наманган вилоятида Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг 247-километрида 22 август, шанба куни «МAЗ» русумли автомашинани бошқариб кетаётган ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳақда Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, шу куни соат 16:20 ларда «МAЗ» русумли автомашинани бошқариб кетаётган ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмасдан ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган «Isuzu» русумли автомашинанинг орқа қисмига урилган. Шундан сўнг «Isuzu» автомашинаси ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган Қозоғистон фуқароси бошқарувида бўлган «Volvo» русумли юк автомашинасининг орқа қисмига бориб урилган.

Фото: Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати

Оқибатда «Isuzu» автомашинаси ҳайдовчиси ҳар иккала оёғидан, «МAЗ» автомашинаси ҳайдовчиси чап оёқ қисмидан тан жароҳати олиб, Поп туман кўп тармоқли тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Ҳозирда мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Поп туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати

Aввалроқ Қамчиқ довонида 2 та юк машинаси иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Сирдарёда «Isuzu» автомашинасининг «Камаз»га урилиши оқибатида ёнғин келиб чиққани хабар қилинган.