Ғиждувонда «Cobalt» ҳайдовчиси маст ҳолатдаги 63 ёшли эркакни уриб юборди. Фуқаро касалхонада вафот этган (видео)

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 21 август, душанба куни рўй берган автоҳалокатда 63 ёшли эркак вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборор хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 21 август куни соат 22:50 атрофида Ғиждувон туманидаги маҳаллаларнинг биридан ўтган 4П 160-сонли автомобиль йўлининг 23-километрида йўлда ҳаракатланиб бораётган «Cobalt» автомашинаси тунгги вақтда маст ҳолда йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган пиёда автомобиль йўлига бирданига чиқиб қолиши натижасида уриб юборган. Оқибатда фуқаро кучли жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган ва ўша ерда вафот этган.

Хабарда айтилишича, Ғиждувон туманида содир бўлган ушбу ЙТҲдан сўнг ҳудудда назорат тадбирлари кучайтирилган. Хусусан, тезликни назорат қилувчи 2 та онлайн ишловчи фоторадар ўрнатилган. Йўл белгилари ва чизиқлари соз ҳолатга келтирилган.

Аввалроқ Самарқандда «Зил-1360» юк машинаси маст пиёдани босиб ўлдиргани, Тўрақўрғонда маст фуқаро танишига болға отгани, Наманганда маст эркак синфдошининг оёғини болға билан жароҳатлагани, Фарғонада маст ҳолатда бўлган вояга етмаган шахслар «Lacetti»ни олиб қочиб, ЙТҲга учрагани ва Булунғурда маст ҳолда ўз амакисини кетмон билан чопиб ўлдирган эркак 16 йилга қамалгани ҳамда Наманганда 51 ёшли эркак спиртли ичимлик олиб бермагани учун калтаклангани ҳақида хабарлар берилганди.

Янгиликлар