Булунғурда маст ҳолда ўз амакисини кетмон билан чопиб ўлдирган эркак 16 йилга қамалди

Самарқанд вилояти Булунғур туманида жиянининг туғилган кунидан маст ҳолда чиққан Б.О. (эркак) амакисини кетмоннинг металл тиғи билан чопиб, ўлдирди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди раиси ўринбосари Ўткир Мамадалиев «Tez News»га хабар берди.

Маълум бўлишича, фуқаро Б.О. 2020 йил 3 апрель куни соат 21:00 ларда жиянининг туғилган кунига ўзи билан 0,5 литр ароқ олиб бориб ичган. Ярим тунда туғилган кун базми тугагач, у уйига маст ҳолда кетиб, орадан вақт ўтгач яна спиртли ичимлик ичиш истагида қайтиб келган ва жиянининг эшигини тепиб, жанжал кўтарган. Уни вояга етмаган Ж.Қ. исмли қариндоши уйига элтиб қўймоқчи бўлган. Ярим йўлда амакисининг уйи ёнига келганда Б.О. амакиси Н.А.нинг уйига кириб, хона ичидаги «Jinlipu» русумли телевизор ва «Kipo» русумли радио мосламасини тепиб, уларни улоқтириб юборган. Сўнг амакиси билан жанжаллашиб, кетмоннинг металл тиғи билан Н.А.нинг бош ва бошқа соҳаларига уриб, қасддан ўлдирган.

Ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди Б.О.га Жиноят кодексининг 59,61-моддалари тартибида 16 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Аввалроқ Жомбойда укасини ўроқ билан ўлдирган шахс 15 йилга қамалгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар