Самарқандда «Зил-1360» юк машинаси маст пиёдани босиб ўлдирди

Самарқанд вилояти Самарқанд туманида «Зил-1360» юк машинаси маст пиёдани босиб кетди. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

Самарқанд тумани «Қамчинон» маҳалласи ички тор кўчаси рақамсиз уй олдида 26 август куни соат 00:50 ларда ҳайдовчи Ф.Ф. «Зил-1360» русумли юк автомобилини орқага бошқараётиб, ортида ҳаракатланиб кетаётган маст ҳолдаги пиёда Д.Т.ни автомобилнинг чап орқа шиналари билан босиб ўтиб, ЙТҲ содир этган.

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

Натижада 43 ёшли пиёда Д.Т. олган оғир тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан 26 август куни Самарқанд тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, юк автомобиль ҳайдовчиси ушбу кўчадаги хонадондан тўй-ҳашам жиҳозларини ортиб кетаётган, маст пиёда эса тўйдан маст ҳолда чиқиб кетаётган бўлган. Ҳайдовчи бир йил давомида икки маротаба қоидабузарлик содир этган.

Аввалроқ Марғилонда «Cobalt» ва «Spark» тўқнашиб кетиши оқибатида 2 йигит ҳалок бўлгани, Пунгон—Наманган йўлида «Spark» автомашинаси юк автомашина билан тўқнишиши оқибатида машина ичида бўлган йўловчилардан бири вафот этгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар