Наманганда маст эркак синфдошининг оёғини болға билан жароҳатлади

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида 9 август куни соат 02:00 лар атрофида 45 ёшли икки синфдош спиртли ичимлик сабаб жанжаллашган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилди.

Хабарга кўра, тумандаги «Ибрат» МФЙда яшовчи 45 ёшли М.Р. синфдоши Р.М. билан спиртли ичимлик истеъмол қилиш мақсадида хонадонида бир дона товуқ сўйиб, бироздан сўнг Р.М. билан ўзаро гап талашиб қолади. Оқибатда Р.М. темирдан ясалган болға билан дўстининг ўнг оёқ болдир суягига бир маротаба қасддан уриб, тан жароҳати етказган.

Тиббий-экспертиза хулосасига кўра, М.Р.нинг ўнг оёқ болдир суяги очиқ синиши билан боғлиқ тан жароҳати олганлиги, оғирлик даражасига кўра оғир тан жароҳати эканлиги кўрсатилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Тўрақўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов  бўлими томонидан фуқаро Р.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1 қисми (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаркатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда 51 ёшли эркак спиртли ичимлик олиб бермагани учун калтаклангани ҳамда Жондорда спиртли ичимликлар истеъмол қиладиган эркакнинг онаси ва опасига 30 кунлик ҳимоя ордери берилгани ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар